ЕХҲТ Бош котиби Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашди
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ламберто Заньер бугун Москвада Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиб¸ Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилди.
23 апрель куни Луганск областининг Киев ҳукумати назоратидаги районида ЕХҲТ кузатувчилар миссиясига қарашли автомобиль минага дуч келиб¸ портлаши оқибатида бир америкалик парамедик нобуд бўлди¸ яна икки кузатувчи жароҳат олди.
Бу воқеадан аввал Заньер ЕХҲТ кузатувчиларининг ҳаракат эркинлиги чекланаëтгани ва сепаратчиларнинг таҳдидли ҳаракатлари хусусида бир неча марта жиддий хавотир билдирган эди.
Бугунги учрашувда, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича¸ Приднестровье ва Тоғли Қорабоғдаги можаролар вазияти ҳам муҳокама қилинган.
Кун янгиликлариҚозоғистон Африкага тинчликпарвар кучларини жўнатади
Қозоғистон парламенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчликпарвар кучлари миссиясидаги қозоқ ҳарбийлари сонини кўпайтириш тўғрисида президент Қасим-Жомарт Тоқаев таклифини маъқуллади.
Парламент тасдиқлаган ҳужжатга мувофиқ, бундан буён Қозоғистон Қуролли кучлари Жанубий Африка республикаси, Мали, Конго ва Ливандаги тинчлик ўрнатиш миссияларида иштирок эта олади.
Мудофаа вазири Руслан Жаксиликовга кўра, бундан аввал ҳам қозоқ аскарлари тинчликпарварлик миссияларида иштирок этиб келган.
“Халқаро вазиятнинг оғирлашиб бораётгани ортидан Қозоғистон президенти номи айтилган тўрт мамлакат ҳудудидаги БМТ тинчликпарвар миссияларида қозоқ аскарлари сонини кўпайтиришни таклиф қилмоқда”,-деди Жаксиликов. Унга кўра, мазкур миссияларда иштирок этган қозоқ аскарлари уч баробар кўпроқ иш ҳақи олади.
Мудофаа вазирлигининг билдиришича, 2014 йилдан бери Қозоғистоннинг 45 зобити БМТнинг Ғарбий Сахрои Кабир, Кот-д Ивуар ва Ливандаги миссияларида ҳарбий кузатувчи бўлиб ишлаб келмоқда.
2018 йилдан эса 520 қозоқ аскари БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари қаторида хизмат ўтамоқда.
Одесса яқинидаги қишлоқнинг Россия томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди
Украина расмийлари Одесса яқинидаги қишлоқнинг Россия томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлгани ва 30 киши яраланганини билдирди. Уларнинг барчаси тинч аҳоли бўлган. Россия кўп қаватли уйни ва дам олиш масканини бомбардимон қилган.
"1 июль тунги соат бирларда Белгород-Днестр туманига қарашли шаҳар типидаги посёлканинг бомбардимон қилиниши оқибатида 9 қаватли турар жой биноси қисман вайрон бўлди, уйга туташ дўкон ёниб кетди. Иккинчи ракета эса дам олиш масканига тушган”,-дейилади Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати хабарида.
Украина ҳарбий қўмондонлигининг билдиришича, Россия бу манзилларни Х-22 русумидаги ракетлар билан Ту-22 самолёти воситасида бомбардимон қилган. Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари: Эронда ўн нафар маҳкум яширин равишда қатл этилди
Эрондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб келаётган Норвегия ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти 29 июнь куни Караж шаҳридаги қамоқхонада сақланаётган ўн нафар маҳкум яширин равишда дорга осиш йўли билан қатл қилинганини билдирди.
Iran Human Rights ташкилотининг 30 июнда билдиришича, дорга осилганлардан 8 нафари қотилликда, икки нафари жинсий зўравонликда айбланиб судланган эди.
Баёнотда таъкидланишича, жорий йил бошидан июнь ойининг охиригача Эронда жами 239 маҳкум қатл қилинди. Июнь ойида кунига уч маҳкум қатл қилинган.
Ҳуқуқ фаоллари фикрича, Эронда ўлим ҳукмларининг 85 фоизи яширин равишда, яъни жамоатчиликка ошкор қилинмаган ҳолда амалга оширилади.
Каспийбўйи мамлакатлари “бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик”ка келишиб олишди
Ашхободда 29 июнь куни бўлиб ўтган Каспий саммитида Озарбайжон, Россия, Туркманистон, Эрон ва Қозоғистон президентлари Каспийбўйи давлатлари “бир-бирининг суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини, давлатларнинг суверен тенглигини ҳурмат қилиш, бир-бирига куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик, ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойиллари асосида” фаолият юритишини тасдиқлашди. Бу ҳақда Оқўрда сайтида маълум қилинган.
Каспий саммитида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Россия президенти Владимир Путин, Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедов, Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳамда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевлар иштирок этишган. Хусусан, Путин мазкур саммитда қатнашиш учун Украинада уруш бошланганидан бери илк бор хорижга сафар қилгани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, томонлар яна қуйидаги принципларга риоя қилиш юзасидан келишиб олганлар:
Каспий денгизидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, уни тинчлик, яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик ҳудудига айлантириш, Каспий денгизига алоқадор барча масалаларни тинчлик билан ҳал қилиш;
Каспийбўйи давлатларининг қуролланишида барқарор мувозанатни таъминлаш, ҳарбий қурилишларни барча соҳилбўйи давлатлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мантиқий масофа доирасида амалга ошириш, бир-бирининг хавфсизлигига путур етказмаслик;
Каспий денгизида соҳилбўйи давлатларига тегишли бўлмаган қуролли кучлар бўлишига йўл қўймаслик;
Соҳилбўйидаги бирон-бир давлатнинг ўз ҳудудини исталган соҳилбўйи давлатига қарши агрессия ва бошқа ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш учун бошқа давлатларга бермаслиги;
ҳар бир соҳилбўйи давлати кемаларининг ўз ҳудудий сувлари сарҳадларидан ташқарида эркин сузиши;
Каспий денгиздан бошқа денгизлар ҳамда Дунё океанига эркин ўтиш ва қайтиш ҳуқуқи;
соҳилбўйи давлатининг Каспий денгизи экотизими етказган зарари учун жавобгарлиги.
Ҳужжатда жами 17 та банд мавжуд.
Бу Каспийбўйи мамлакатларининг ҳисоб бўйича олтинчи саммитидир. Аввалги саммитлар Ашхобод (2002 йил), Теҳрон (2007), Боку (2010), Астрахань (2014) ва Ақтау (2018) шаҳарларида ўтказилган.
2018 йил 12 августида Каспийбўйидаги беш мамлакат президентлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенцияни имзолаган. Бироқ Эрон парламенти мамлакат Каспий денгизи ҳудудининг энг кам қисмига эгалик қилишини айтиб, ҳали мазкур ҳужжатни ратификация қилган эмас. Аммо Озарбайжон, Россия, Туркманистон ва Қозоғистон парламентлари конвенцияни тасдиқлаган.
Конвенцияга кўра, Каспий денгизи суви юзасининг асосий қисми кўл эмас, балки денгиз деб ҳисобланади. Каспий денгизи умумий фойдаланишда қолади, унинг туби ва қазилма бойликлари ҳудуддаги қўшни давлатлар ўртасида ўзаро шартномалар ва халқаро ҳуқуқ асосида тақсимланади. Кемачилик, балиқчилик, илмий тадқиқотлар ҳамда магистрал қувурлар ётқизиш ишлари ўзаро келишилган қоидалар асосида амалга оширилади.